Ўзаро суғуртага аъзо бўлишдан мақсад нима бўлиши керак?

Ўзаро суғуртага аъзо бўлишдан мақсад нима бўлиши керак?

Ўзаро суғуртага аъзо бўлишдан мақсад нима бўлиши кераклигини билишдан аввал, ўзаро суғуртани ўзи ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.

Ўзаро суғурта – суғуртанинг энг қадимий турларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда кўплаб ривожланган мамлакатларда ўзаро суғурта жамиятлари мавжуд бўлиб, улар суғурта соҳасида салмоқли улушга эга.

Ўзаро суғуртанинг оддий ёки анъанавий суғуртадан асосий фарқи шундаки, бунда ўзаро суғурта жамиятининг мақсади фойда олиш ҳисобланмайди. Унинг мақсади ўз аъзоларига маълум хавф-хатарлар рўй берганда етказилган зарарни қоплашга ёрдам кўрсатишдир. Аниқроқ айтадиган бўлсак, масалан, йил якуни бўйича аъзоларга зарар қопламалари тўлангандан сўнг, жамиятда ортиқча маблағ қолган бўлса, ушбу маблағ аъзолар ёки жамият ишини юритувчиларнинг фойдаси ҳисобланмайди ва кейинги йилга жамият захираси сифатида ўтказилади. Анъанавий суғуртада эса ушбу қолдиқ маблағ суғурта ташкилотининг фойдасига ўтади.

Шундай экан, “Ўзаро суғуртага аъзо бўлишдан мақсад нима бўлиши керак?” деган саволга қуйидагича жавоб берамиз:

Асосий мақсад жамият аъзолари сафига қўшилиб, уларнинг амалга ошираётган ўзаро ёрдам фаолиятида иштирок этиш булади. Бу ўзаро ёрдам, аъзолардан бири маълум хавф-хатар натижасида мулкий зарар кўрса, унга ушбу зарарни, қолганлар томонидан тўланган бадаллар ҳисобидан қоплаб беришдан иборат бўлади. Бадаллар миқдори суғурталанаётган хавф-хатар тури ёки етказилиши мумкин бўлган зарарни катта кичиклигига қараб олдиндан белгиланади.

Ўзаро суғурта жамиятига аъзо бўлувчилар икки мақсадни кўзлашлари мақсадга мувофиқ бўлади:

  1. Мен тўлаган бадаллар ҳисобидан зарар кўрган аъзоларга ёрдам кўрсатилсин.
  2. Агар ўзим ҳам фавқулодда бирор зарар кўрсам жамиятдан ёрдам олиш имконим бўлсин.

 

Демак, ўзаро суғуртага аъзо бўлишдан асосий мақсад, нафақат ўзини хавф хатарлардан ҳимоя қилиш, балки бошқаларга ҳам ёрдам кўрсатишдан иборат бўлади. Бу эса олий инсоний сифатлардан бўлиб, одамлар ўртасида ўзаро ёрдам ва ҳамжиҳатлик ҳислатларини ривожлантириб боришда ўз ҳиссасини қўшади.

Зеро бу дунёда биримизнинг иккинчимизга, унинг эса ўз ўрнида бошқасига иши тушиб туриши бор нарса.