
Аъзоларимиз ва ўзаро суғуртага қизиқувчилар томонидан бериладаган саволлардан бири: “Ўзаро суғурта қонунчиликда қайси ҳужжатлар асосида тартибга солинади?” – деган саволдир.
Келинглар, 1991 йилдан бугунги кунга қадар бўлган даврда ўзаро суғурта масаласига дахлдор мавжуд ҳужжатларга назар солсак.
Икки томонлама суғурта (ўзаро суғурта) дастлаб 1993 йил 6 майда қабул қилинган “Суғурта тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддаси таркибида қисқача қилиб таърифланган эди (ушбу қонун бугунги кунда ўз кучини йўқотган):
“Икки томонлама суғурта – суғурта ҳимоясининг шундай шаклларидан бирики, унда суғурта қилдирувчилар (фуқаролар ва юридик шахслар) зарур маблағларни киритиш йўли билан икки томонлама суғурта қилиш жамиятларига бирлашадилар.
Икки томонлама суғурта қилиш жамияти ўз аъзоларининг мол-мулки ҳамда бошқа мулкий манфаатларини суғурта қилишни амалга оширади ва тижоратчи бўлмаган ташкилот ҳисобланади”.
1997 йил 1 мартдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексида ўзаро суғурта тўғрисида алоҳида 960-модда ажратилиб, унда ўзаро суғурта борасида кенгроқ тушунча берилган. Бироқ, 2002 йил 5 апрелда тасдиқланган “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ўзаро суғурта борасида бирон-бир норма акс этмади.
Шу билан 2019 йилгача ўзаро суғурта борасида қонунчиликда деярли янгилик ёки ўзгариш бўлмади.
Демак, ушбу суғурта шаклининг ҳуқуқий асоси бор, лекин бу суғурта шакли амалиётда яқингача қилинмай келган холос.
24 йил мобайнида (1993-2017 йиллар оралиғида) ўзаро суғурта шаклини жорий қилиш мақсадида бир нечта давра суҳбатлари бўлиб ўтди, илмий изланишлар қилинди, мутасадди ташкилот вакиллари билан учрашувлар ўтказилди, лекин буларнинг ҳаммаси “ҳали амалиётда йўқ нарса тартибга солинмайди” кабилигида хулосаларга олиб келаверди.
2017 йилда бир гуруҳ мутаҳассислар ўзаро суғуртани жорий қилиш йўлида бел боғлаб азму қарор қилишган кундан 5 ой ўтиб, 2017 йил 17 ноябрда, ватанимизда биринчи ўзаро суғурта жамияти давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шундан кейин, ўзаро суғурта борасидаги ҳужжатларда харакат бошланди ва биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 5-апрелдаги Ф-5464-сонли фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепциясининг 10-бандига мувофиқ, ўзаро суғурталаш институтининг ривожланиши учун шарт-шароитларни яратиш топшириғи қўйилди.
Бир неча ой ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 2-августдаги ПҚ-4412-сонли “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорида “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда икки томонлама суғуртанинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда уларни ташкил этиш тартиби назарда тутилиши қайд этилди.
Бугунги кунда ўзаро суғурта қилиш жамиятининг ташкилий-ҳуқуқий шакли масаласи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (73-78 моддалари ҳамда бошқа тегишли қисмлари), “Кооперация тўғрисидаги” қонун (14.06.1991 й. №295-ХИИ) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1994-йил 22-мартдаги 153-сонли қарори билан тасдиқланган “Юридик шахслар бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида”ги низомлар билан ҳам тартибга солинади.
Кейинги қадамларда Ўзбекистон Республикасининг “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонуни ва Фуқаролик кодексининг янги таҳририда ўзаро суғурта институтининг янада мустахкамланиши ва ривожланишига замин бўлишини ҳамда Ўзбекистон ижтимоий жараёнлари ва иқтисодига салмоқли ҳиссасини қўшишига умид қиламиз.
Сунги янгиликлар