
Ўзаро суғурта жамияти ўзининг аъзоларидан йиғилган бадаллар ҳисобидан жамғарма ташкил қилади ва аъзоларнинг зарарларини қоплаш учун ушбу жамғарманинг маблағларини сарфлайди.
Жамғармага тўланадиган бадаллар миқдори ўзаро суғурта жамияти томонидан белгиланади. Бунда олинадиган бадаллар махсус математик усуллар ёрдамида ҳисобланади. Бадал миқдори суғурталанаётган ҳодисанинг содир бўлиш эҳтимоли ва етиши мумкин бўлган зарарнинг катта ёки кичиклигига боғлиқ бўлади.
Лекин ўзаро суғурта битимлари бўйича зарарлар баъзи вақтларда тахмин қилинган кўрсаткичлардан юқори бўлиб қолиши ҳам мумкин. Яъни маълум пайтда жамғарилган бадаллар зарарларни қоплашга етмай қолиши мумкин.
Шундай пайтларда, товон тўлови учун керак бўлган маблағ ўзаро суғурта жамиятини бошқарувчи ташкилотидан қарз ёки бошқа аввалдан ёрдам беришга рози бўлган жамғармадан (бошқа ўзаро суғурта жамиятларидан) ёрдам сифатида олинади.
Бунда қарз кейинги йиллардаги олинган бадалларнинг тўланган товон пулларидан ортган қисми ҳисобига қайтарилади. Агар бошқа ўзаро суғурта жамиятларидан, уларга олдиндан бадал ўтказиб туриш ҳисобига, ёрдам пули олинган бўлса, ушбу ёрдам пули қайтарилмайди. Бу ҳудди фуқаролар ўзаро ёрдам учун пул жамғарганидек, ўзаро суғурта жамғармалари ҳам ўз барқарорлигини таъминлаш мақсадида ўзлари ҳам бирлашиб каттароқ жамғарма ташкил қиладилар.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш керакки, ўзаро суғурта жамиятларида жамғарманинг товон тўловидан ортган қисми жамғармада қолдирилади, яъни ташкилотчилар фойдасига ўтказилмайди.
Демак, ўзаро суғурта жамиятида бадаллар пухта ҳисоб-китоблар (актуар ҳисоблар) асосида белгилаб борилса, ундаги жамғарма маблағлари йилдан-йилга кўпайиб жамиятининг молиявий барқарорлигини ошириб бораверади.
Сунги янгиликлар