
Ўзаро суғуртанинг моҳиятига кўра, ўзаро суғурта жамиятига аъзо шахслар жамиятга суғурта бадалларини тўлайдилар ва ушбу бадаллар ҳисобидан жамиятда захира фондлари шакллантирилади. Суғурта бадаллари аъзонинг маълум бир суғурта қилинаётган мулкига муносиб равишда белгиланади.
Бирор жамият аъзоси фавқулодда ва кутилмаган ҳодиса натижасида мулкий зарар кўрган тақдирда, унинг зарари ушбу жамият захира фондлари ҳисобидан қоплаб берилади. Демак, жамият аъзоси суғурта бадалини тўлаётганда, ушбу тўланган маблағи зарар кўрганларга ёрдам сифатида тўлаб берилсин деган ниятда бўлиши, ҳамда ўзи ҳам зарар кўрган тақдирда ёрдам олиш имкониятига эга эканлигини билиши керак.
Жамиятнинг барча суғурта зарарларини қоплаш захира фондлари ҳажми доирасида амалга оширилади. Захира фондининг барча зарарларни қоплашга етарли бўлиши эса жамият мутахассислари томонидан суғурта бадаллари ҳажмининг тўғри белгиланиши ҳамда олинаётган рискларни тўғри саралаб билишига боғлиқ бўлади (суғурта бадаллари тўғрисидаги батафсил маълумотни кейинги мақолаларимиздан олишингиз мумкин).
Агар амалда захира фонди етарли бўлмай қолса, жамият суғурта бадаллари ҳажмини ошириши, агар захира фондида ортиқча маблағлар қолиб кетса, суғурта бадаллари ҳажмини пасайтириши мумкин бўлади. Бундан ташқари, жамият бошқа мақсадли тўловлар (хайрия, ҳомийлик) ҳисобидан заҳира фондини тўлдириб туриши ёки фоизсиз қарз олиб зарарларни тўлиқ қоплаши ҳам мумкин бўлади.
Суғурта бадаллари ва суғурта қопламаларини белгилаш, тўлаш ва ҳужжатлаштириш, захира фондларини шакллантириш ва юритиш тартиблари қонунчилик ҳамда ўзаро суғурта жамиятининг ички ҳужжатлари асосида белгиланади.
Жамият фаолиятини юритаётган мутахассислар қонунчилик, жамият қадриятлари ва тамойиллари асосида ишни амалга оширганлари эвазига, аъзолар ҳисобидан жамғарилган маблағлардан белгиланган миқдорда ажратиладиган ҳақ оладилар.
Ўзаро суғурта жамиятининг афзалликлари кўп бўлиб улардан айримларини келтириб ўтамиз:
Шу ўринда ўзаро суғурта жамиятининг энг асосий камчилигини ҳам келтириб ўтиш жоиз. Бу жамиятнинг суғурта зарарларини қоплаш имконияти унинг захира фонди ҳажми билан чегараланиб қолишидир. Бироқ ушбу камчилик суғурта бадаллари пухта актуар ҳисоб-китобларга таяниб белгиланганда ҳамда тўғри маркетинг стратегияси қўлланганда тўла бартараф этилиши мумкин.
Сунги янгиликлар