UZARO вакиллари такофул бўйича ўтказилган семинарда иштирок этди

UZARO вакиллари такофул бўйича ўтказилган семинарда иштирок этди

Жорий йилнинг 5-6 август кунлари таниқли Al-Huda CIBE – Al-Huda ислом банкчилиги ва иқтисодиёти маркази томонидан Ўзбекистон Банклар Ассоцацияси биносида соҳага қизиқувчи ташкилотлар, юридик бирлашмалар ва тадбиркорлар учун 2 кунлик ўқув семинари бўлиб ўтди. Унда такофул тўғрисида умумий ва батафсил маълумотлар тақдим этилди. Ушбу ўқув семинар дарсларини ислом молияси бўйича машҳур тренер ва маслахатчи Муҳаммад Зубайр олиб борди.

Икки кун давом этган такофул ўқув семинарида “UZARO” икки томонлама суғурта қилиш жамияти вакиллари ҳам иштирок этишди. Семинарнинг дастлабки кунида мавзуга кириш сифатида такофул тўғрисида асосан умумий тушунчалар ва маълумотлар тўғрисида сўз юритилди.

Такофул тўғрисида умуман маълумотга эга бўлмаган ва у ҳақида қисқача таниш бўлган иштирокчилар учун илк ўқув дарси жуда самарали ўтди. Буни ўқув дарси якунида бўлиб ўтган қизғин савол-жавоблар мунозараси ҳам тасдиқлади. Такофул тўғрисида маълум даражада билим ҳосил қилгандан сўнг семинарнинг иккинчи кунида чуқурроқ мавзуларга тўхталди. Жумладан суғурта соҳасидаги янги ривожланиш тизимлари саналмиш bankotakaful, microtakaful ва бошқа шу каби илмий терминларнинг назарий асослари ва амалий кўринишлари билан яқиндан таништирилди.

Бундан ташқари мазкур кунда исломий суғурта – такофул фаолияти ҳали жорий этилмаган мамлакатларга соҳани ривожлантиришдаги энг самарали дея топилган бир неча ҳил моделлар ўргатилди.

Иккинчи куннинг якуний қисмида иштирокчилар билимини синаб кўриш мақсадида мунозаралар бўлиб ўтди. Бу орқали такофул билимдонлари олган илмлари ва соҳа ривожи ҳақидаги фикрларини бир-бирлари билан улашиш имконига эга бўлишди. Шу билан бирга, UZARO – ўзаро ёрдам жамияти қатнашчилари ҳам ушбу семинар орқали баъзи муаммоли саволларга жавоб топишди.

UZARO ўзаро ёрдам жамиятининг келгуси истиқболлари ҳақида доктор Муҳаммад Зубайр ўз ижобий фикрларини билдирди ва ташкилот томонидан қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр эканлигини айтди.

Семинар тугагач Al-Huda CIBEнинг ташкилотчи аъзолари 2 кун давом этган такофул ўқув машғулотларида фаол иштирок этган барча қатнашчиларга сертификатлар тақдим этишди. Иштирокчиларга 26-27 август куни Истанбул шаҳрида Глобал Такафул Форуми бўлиб ўтиши ҳақида маълумот берилди.