Ўзаро ёрдамни тартибли равишда йўлга қўйиш мумкинми?

Ўзаро ёрдамни тартибли равишда йўлга қўйиш мумкинми?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 апрел 2019 йил Ф-5464-сонли Фармойиши билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси тасдиқланди.

Концепцияда бир қатор ислоҳотларни амалга ошириш билан бирга “Суғурта, жумладан ўзаро суғурталаш институтининг ривожланиши, шунингдек ихтиёрий бадаллар инвестициясидан доимий даромад олишни назарда тутувчи шарт-шароитларни яратиш” белгиланган (аслида ўзбек тилидаги матн бир оз бошқача, лекин матн русчада ёзилиб кейин таржима қилинган шекилли, маъно чиқиши учун аслига мурожаат қилишга мажбур бўлдик).

Бу нима дегани? Бу, Ўзбекистонда олдин ҳеч ишламаган, ўзаро суғурта институтининг ҳуқуқий мақоми янада мустаҳкамланиши ҳамда дунёда ўзаро суғуртанинг тутган ўрни, яъни ялпи суғурта бозорининг қарийиб 30 фоизини (2017 йилда 1,3 триллион АҚШ доллари) айнан ушбу суғурта турига тўғри келиши ва ҳалқимиз ўзаро ёрдамда мисли кўринмаган хизматлари билан олдиндан машҳур бўлганликларини инобатга олиб, ушбу ислоҳотлар давлатимизда ўзаро суғуртанинг янада ривожланишида ўз ҳиссасини қўшади, деб умид қиламиз.

Ўзаро суғуртанинг аҳоли ва тадбиркорларга жозибадорлиги шундаки, улар бу борада ўз жамиятларини тузиб ёки мавжуд ўзаро суғурта жамиятларига аъзо бўлиб турли ҳил талофат ва ходисалар оқибатида етказилган зарарларни тегишли пул маблағларини жамғариш йўли билан қоплашлари ва ортган қисми, анъанавий суғуртадан фарқли улароқ, жамғарма аъзолари ўртасида тақсимланиши ҳам мумкин. Бунда Концепцияда белгиланган шартга кўра ихтиёрий бадалларни инвестицияга йўналтириб ундан доимий даромад олишни назарда тутувчи шарт-шароитларни яратиш керак бўлади.

Шуни таъкидлаш керакки жамғарма низоми, қоидалари, бадаллар хисоб-китоби ва бошқа шартлар фақат аъзоларнинг манфаатини кўзлаб ишлаб чиқилади, чунки ўзаро суғуртада аслида суғурталовчини ўзи йўқ. Ҳамма бир-бирига ёрдам кўрсатиш нияти билан аъзо бўлади, бадаллар киритади ва барча шартлар мана шу принцип асосида тартибга солинади.

Уйи ёнган маҳалладошига ким ёрдам бермаган? Ёки бир инсоннинг бошига оғир дард келганда ҳамма бир бўлиб пул йиғиб бераётганига ўзимиз деярли ҳар куни гувоҳ бўлиб турибмиз. Бироқ буларнинг ҳаммаси бугунги кунда ходиса рўй бергандан кейингина амалга оширилмоқда. Аслида статистик маълумотларни ўрганиб, таваккалчиликларни таҳлил қилиб, ўзаро ёрдамга кенгроқ қатламларни жалб қилинса ҳамда шаффофликни таъминлаган ҳолда бунга илм асосида ёндашса қандай бўлади?

Олдиндан пухта тайёргарлик кўрилган ишда хотиржамлик ва тезкорлик бўлади, фавқулотда довдираб қолмаслик ҳамда бировга муҳтож бўлмаслик эҳтимоли анча камайиши муқаррар.