
Аксарият томонидан кўплаб бахс-мунозараларга сабаб бўлаётган "1-октябрдан автотранспорт воситасини бошқаришда яқин қариндошлар ўртасидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлашнинг бекор қилиниши" ҳақидаги президент фармонига қўшимча ойдинлик киритиб ўтишни маъқул деб топдик.
Аввало фармоннинг асл шаклини кўриб чиқайлик. Унга кўра: "2019-йил 1-октябрдан - транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисида кўрсатилган транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошлари (ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар) ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш тўғрисидаги ишончномани мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади." (Ўзбекистон Республикаси нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги" ПФ-5816 сонли Президент Фармони)
Шундан келиб чиқиб ҳурматли ҳайдовчилардан фармонда келтирилган "ишончноманинг ўзи эмас, унинг мажбурий нотариал тасдиқланиши тартиби бекор қилинаётганига эътибор қаратишларини сўраймиз. Яъни бундан ишончнома мажбурий нотариал тасдиқланиши бекор қилинади дегани энди ишончнома қилинмайди ёки унинг кераги йўқ деган маънони англатмаслигини эслатиб ўтамиз.
Яна қўшимча равишда фармоннинг иловасида келтирилган «Йўл харитаси» нинг 12-бандида 2019-йилнинг сентябр ойида "Йўл ҳаракати қоидаларига Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари ходимлари томонидан транспорт воситаси эгасининг яқин қариндошларини қариндошлик муносабатларини аниқлаш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритиш" ижроси Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлигига Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси асосида амалга ошириш юклатилган.
Умид қиламизки, 1-октябргача ушбу масалага тўлиқ ойдинлик киритилиб, фармонда кўзда тутилган тегишли тартиб ўз вақтида ишлаб чиқилади!
Сунги янгиликлар